Ўзбекистонда 17 ёшли йигит 31 кг наркотикни сотмоқчи бўлган

Ўзбекистонда Тожикистон ва Қирғизистондан наркотик олиб келиб, сотиш билан шуғулланувчи шахслар қўлга олинди, деб хабар беради Kazinform Ўзбекистон ДХХ матбуот хизматига таяниб.

Ўзбекистонда 17 ёшли йигит 31 кг наркотикни сотмоқчи бўлган
Фото: видеодан кадр

Давлат хавфсизлик хизматининг хабар беришича, хизматнинг Фарғона вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари доирасида Тошлоқ туманида яшовчи 2006 йилда туғилган шахснинг яшаш хонадони кўздан кечирилди.

Натижада, ушбу манзилда келгусида сотиш мақсадида сақлаб келинаётган 27 кг 573 гр “гашиш” ва 3 кг 967 гр “опий” гиёҳвандлик воситалари борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди. Аниқланишича, ушбу наркотик моддалар Тожикистондан контрабанда йўли билан олиб келинган.

Бундан ташқари, Андижон вилоятининг Қўрғонтепа туманида яшовчи, 1986 йилда туғилган фуқаро Қирғизистонинг Ўш вилоятида истиқомат қилувчи, 1984 йилда туғилган шахс билан ўзаро тил бириктириб, 1 кг 806 гр “мефедрон” синтетик гиёҳвандлик воситасини харидорга 80 минг АҚШ долларига сотаётган вақтларида қўлга олинди.

Шунингдек, тезкор тадбир давом эттирилиб, Қўрғонтепа туманида яшовчи фуқаронинг уйидан ҳам 2 кг 698 гр “мефедрон” моддаси тегишли тартибда расмийлаштириб олинди. Қайд этилишича, ушбу синтетик наркотик моддалар Қирғизистондан олиб келинган.

 

Сўнгги хабарлар