Ўзбекистонда 1000 дан ортиқ Қатағон қурбонлари оқланди
Ўзбекистонда Совет ҳукумати даврида қатағон қилинган 1000 дан ортиқ киши оқланди. Бу ҳақда ЎР Президенти Шавкат Мирзиёев “Жадидлар: миллий ўзлик, истиқлол ва давлатчилик ғоялари” халқаро илмий конференцияси иштирокчиларига йўллаган мактубида маълум қилди, деб хабар беради Каzinform агентлиги мухбири.

Ўзбекистон раҳбари янги тарихий давр бошида аждодларимиз асос солган йўлдан адашмаслик, улар меҳнатини муносиб даражада баҳолаш, бой меросини ўрганиш ва улуғлаш асосий вазифа эканини таъкидлади.
“Анжуманнинг асосий мавзуси маърифатпарвар аждодларимизнинг илғор ғоя ва қарашларини ўрганиш ва тизимлаштиришдан иборат. Шунингдек, Туркистон жадидларининг миллий давлатчилик тараққиёт босқичидаги ўрни ва таъсирини ўрганиш жуда муҳим”, – деди Шавкат Мирзиёев.
Президент таъкидлаганидек, бугунги кунда Ўзбекистонда халқ озодлиги, Ватан равнақи йўлида жон фидо қилган аждодлар хотирасини ёд этиш, улар фаолияти ва меросини ҳар томонлама ўрганишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
“Сўнгги йилларда Ўзбекистон Олий суди қатағон қурбони бўлган 1030 дан ортиқ ватандошимизни оқлади. Бу тарихий адолат ўрнатиш йўлидаги яна бир қадам бўлди”, – деди Президент.
Ўзбекистон раҳбари 31 август мамлакатда қатағон қурбонларини хотирлаш куни сифатида кенг нишонланишини эслатди.
“Маҳаллада қатағон қурбонларини хотирлаш бурчаклари ва хотира китоблари очиш, ҳар йили 100 га яқин қатағон қурбонлари ва жадидчилар ҳаёти ва фаолиятига оид тўпламлар тайёрлаб, нашр этиш режалаштирилган. Ушбу муҳим мавзу муносабати билан архив ҳужжатларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, мақсадли изланишлар учун грантлар ажратиш, янги бадиий-публицистик асарлар яратиш чоралари кўрилмоқда”, – дея хулоса қилди Шавкат Мирзиёев.
Муаллиф: Алихан Асқар