Ўзбекистонда 10 минг дона электромобиль ишлаб чиқариш қувватига эга автомобиль заводи ишга тушади

Ўзбекистонда 10 минг дона электромобиль ишлаб чиқариш қувватига эга автомобиль заводи ишга тушади
Фото: Виктор Федюнин/Kazinform

Келгуси йилда Ўзбекистонда йилига 10 мингта электромобиль ишлаб чиқариш қувватига эга автомобиль заводи ишга тушади. Лойиҳа Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев иштирокида автомобилсозлик саноатини ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилишда тақдим этилди, деб хабар беради Каzinform агентлиги мухбири.

Ўзбекистон раҳбари матбуот хизмати хабарига кўра, йиғилишда соҳа олдида турган режа ва вазифалар муҳокама қилинган бўлиб, уларнинг амалга оширилиши 2030 йилгача ишлаб чиқаришни 1 миллион донагача етказиш имконини беради.

Охирги йилларда автомобиль ишлаб чиқариш 3 бараварга ошди, жорий йил охиригача умумий ҳажм 415 минг донани ташкил этиши кутилмоқда. Бугунги кунда мамлакатдаги саккизта заводда ўнлаб турдаги енгил автомобиллар, юк ва йўловчи транспорти, қишлоқ хўжалиги ва махсус техникалар ишлаб чиқарилмоқда. Шунингдек, соҳадаги икки мингдан ортиқ корхона ўзаро яқин ҳамкорлик қилиб, бутловчи қисмларнинг 50 фоиз маҳаллийлаштирилиши таъминланган.

“Бугунги кунда жаҳоннинг етакчи автомобиль ишлаб чиқарувчилари электромобиллар ишлаб чиқаришга ўтмоқда. Мамлакатимиз корхоналари бу соҳани ривожлантиришда иккиланса, келажакда бозорда муносиб ўрин эгаллашда қийинчиликларга дуч келади”, – деди Шавкат Мирзиёев.

Йиғилишда Ўзбекистон раҳбарига мазкур йўналишда бошланган илк лойиҳалар тақдим этилди.

“Келгуси йилда йилига 10 минг дона электромобиль ишлаб чиқариш қувватига эга автомобиль заводи ишга туширилиши режалаштирилган”, – дейилади Президент матбуот хизмати хабарида.

Президент электромобиллар ишлаб чиқаришга алоҳида эътибор қаратиш муҳимлигини таъкидлаб, улар учун бутловчи қисмлар ишлаб чиқаришга кўрсатма берди.

 

Муаллиф: Мадибек Джанибеков

Сўнгги хабарлар
telegram