Ўзбекистон ва Қозоғистон парламентлари ўртасидаги конструктив мулоқот фаол давом эттирилади

Жорий йил 16 ноябрда Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева Бишкек шаҳрида МДҲ иштирокчи давлатлари Парламентлараро Ассамблеясининг навбатдаги ялпи мажлиси доирасида Қозоғистон Республикаси Парламенти Сенати Раиси Маулен Ашимбаев билан учрашди, деб хабар беради Kazinform агентлиги yuz.uzга таяниб.

Ўзбекистон ва Қозоғистон
Фото: Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати

Сўнгги йилларда мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар давлатларимиз раҳбарларининг очиқ, ўзаро ишончга асосланган мулоқоти ва мустаҳкам сиёсий иродаси туфайли дўстлик, яхши қўшничилик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик даражасида барча соҳаларда ривожланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди.

Маълумки, давлатлараро муносабатларда парламентлараро алоқалар сезиларли даражада кенгайиб боряпти. Шу нуқтаи назардан мавжуд муносабатларни амалий ҳаракатлар билан янада бойитиш масалалари муҳокама этилди.

Бунда Ўзбекистон ва Қозоғистон Сенатлари ўртасидаги парламентлараро комиссия фаолияти самарадорлигини ошириш, хусусан Комиссиянинг навбатдаги йиғилишини ўтказиш ва унинг доирасида икки давлат парламентлари ўртасида янги “Йўл харитаси”ни имзолаш таклифи илгари сурилди.

Олий Мажлис Сенати матбуот хизматига кўра, Маулен Ашимбаев Ўзбекистоннинг БРМга эришишдаги етакчилигини алоҳида таъкидлаб, мамлакатни барқарор ривожлантириш соҳасидаги Миллий мақсадлар ва вазифаларнинг 2030 йилгача бўлган даврда амалга оширилишини назорат қилиш бўйича Парламент комиссияси фаолиятини юқори баҳолади. Қозоғистон парламентида ҳам худди шундай комиссия фаолият бошлагани, мазкур йўналишда Ўзбекистоннинг тажрибаси муҳимлигини қайд этди.

Халқаро парламент тузилмалари, шунингдек, бошқа бир қатор халқаро ташкилотлар доирасида қўшма ташаббусларни илгари суриш, ўзаро қўллаб-қувватлаш амалиётини фаол давом эттиришга келишиб олинди.

Учрашув якунида дўст мамлакатлар ва қардош халқлар ўртасидаги ҳамкорлик бундан буён ҳам ўзаро ҳурмат ва бир-бирининг манфаатларини ҳисобга олиш тамойилларига асосланган ҳолда конструктив тарзда ривожланиб бориши, бунда парламентлараро мулоқотни янада фаол давом эттирилишига ишонч билдирилди.

Сўнгги хабарлар