Ўзбекистон ва Қозоғистон мактабларида ўзбек ва қозоқ тилларини ўқитиш сифатини ошириш йўллари муҳокама этилди
Ўзбекистон элчиси Бахтиёр Ибрагимов ҚР Таълим-маориф вазири Ғани Бейсембаев билан учрашув ўтказди, деб ёзади dunyo.uz.
Қозоғистон таълим-маориф вазири Ўзбекистон Президентининг мамлакатимиз таълим тизимига қаратаётган юксак эътиборини юқори баҳолади. Унинг айтишича, ўзбекистонлик ўқувчиларининг халқаро фан ва спорт олимпиадаларида юқори ўринларни эгаллаётгани тизимда амалга оширилаётган самарали ислоҳотларнинг натижасидир.
Томонлар Тошкент, Астана ва Алмати шаҳарларидаги ихтисослаштирилган таълим муассасаларида ўқитувчилар малакасини оширишни ташкил этиш, шунингдек, замон талаблари асосида услубий қўлланмалар ишлаб чиқиш орқали икки мамлакат мактабларида ўзбек ва қозоқ тилларини ўқитиш сифатини ошириш масаласини муҳокама қилдилар.
Учрашувда икки давлат таълим муассасалари ўртасида ўрнатилган ўзаро ҳамкорлик алоқаларини жадаллаштириш ва кенгайтириш, жумладан, қўшма тадбирларни ўтказиш имкониятларига эътибор қаратилди.