Ўзбекистон ва Қозоғистон: кўп қиррали ўзаро ҳамкорлик Марказий Осиё тараққиётининг драйверидир

Ўзбекистон ва Қозоғистон
Фото: ЎзА

Азалий қардош ўзбек ва қозоқ халқларининг ўтмиши ҳамда бугуни, орзу-ниятлари, интилишлари муштарак. Бу нафақат мамлакатларимиз ўртасидаги, балки минтақавий ва халқаро кун тартибидаги масалаларни ҳал этишдаги саъй-ҳаракатларни бирлаштиришда муҳим роль ўйнамоқда, деб хабар беради Kazinform ЎзАга таяниб.

Бу Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева ва Қозоғистон Республикаси Парламенти Мажлиси раиси Ерлан Кошанов учрашувида таъкидланди.

Президентларимизнинг ўзаро ишонч ва мустаҳкам сиёсий иродаси туфайли стратегик шериклик ва иттифоқчиликка асосланган муносабатлар юксак даражага кўтарилгани катта мамнуният билан қайд этилди.

Икки мамлакат савдо-иқтисодий ҳамкорлигига эътибор қаратилиб, сўнгги йилларда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми сезиларли даражада ошгани, биргина жорий йилнинг январь - август ойларида савдо айланмаси 2,8 миллиард долларга етгани айтиб ўтилди.

Мулоқот давомида Ўзбекистон ва Қозоғистон етакчи корхоналари ўртасида кооперация лойиҳалари амалга оширилаётгани, савдо ҳажмини 10 миллиард долларга ошириш учун барча асослар мавжуд эканлигига эътибор қаратилди.

Парламентлараро ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш ва уни амалий мазмун билан бойитиш бўйича фикр алмашилди. Хусусан, Парламентлараро ҳамкорлик кенгаши ишини фаоллаштириш икки томонлама келишувларнинг амалда бажарилишини таъминлашига ишонч билдирилди.

Мамлакатларимиз ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик Марказий Осиё тараққиётининг драйвери экани, парламентлараро тузилмалар доирасида иш олиб борилиши минтақамиздаги қўшниларнинг ҳам ҳамжиҳатлигига хизмат қилиши айтиб ўтилди.

Парламентлараро ҳамкорлик Кенгаши, шунингдек, Қозоғистон парламенти Мажлиси билан ҳамкорлик бўйича парламент гуруҳи доирасидаги алоқаларни фаоллаштириш, қонун ижодкорлиги йўналишида ўзаро тажриба алмашиш, ёш парламент аъзолари ўртасида самарали мулоқотни йўлга қўйиш таклифи билдирилди.

Учрашув якунида давлатларимиз ўртасида олий даражада эришилган келишувларни амалга оширишга кўмаклашиш, уларни ҳал этиш учун қонунчиликда зарур механизм яратишга келишиб олинди.

Сўнгги хабарлар