Қозоғистон ва Ўзбекистон биргаликда коинотга сунъий йўлдошни учирмоқчи
ASTANA. Kazinform – Астана шаҳрида ЎР Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов ҚР Рақамли ривожланиш, инновациялар ва аэрокосмик саноат вазири Жаслан Мадиев билан учрашув ўтказди.
Рақамли технологиялар вазирлиги делегацияси жорий йил 2 – 3 сентябрь кунлари Осиё ва Тинч океани учун иқтисодий ва ижтимоий комиссия (ЭСКАТО) томонидан Астана шаҳрида ташкил этилган “Рақамли инклюзия ва трансформация бўйича Осиё – Тинч океани вазирлар конференцияси”да иштирок этиш учун хизмат сафарини амалга оширди.
Ушбу тадбир доирасида вазир Шерзод Шерматов ҚР Рақамли ривожланиш, инновациялар ва аеэрокосмик саноат вазири Жаслан Мадиев билан учрашув ўтказди.
Учрашув давомида ҳамкорлик истиқболларига эътибор қаратилди. Шунингдек, рақамли кўникмаларни ўқитишни таъминлаш, рақамли инклюзивлик ва рақамли трансформация бўйича минтақавий ҳамкорлик ҳолати ва уни мустаҳкамлаш бўйича масалалар муҳокама этилди.
Шу билан бирга, рақамли инновацияларни жадаллаштириш учун зарур минтақавий ҳамкорлик режаларига эътибор қаратилди.
Шунингдек, икки мамлакат иштирокида космосга ўзаро сунъий йўлдошлар гуруҳини учириш бўйича ҳамкорликни амалга ошириш масаласини ўрганиш ва таҳлилий маълумотларни жорий йил якунига қадар таҳлил қилиб, таклифларни белгилаб олиш муҳокама этилди.