Ўзбекистон ва Қирғизистон ўзаро товар айланмасини 2 миллиард долларга етказмоқчи

Ақилбек Жапаров 2 май куни Тошкентга учиб келди. Уни аэропортда унинг ҳамкасби, Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов кутиб олди.

Даставвал Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси Раиси ІІІ Тошкент халқаро инвестиция форумининг ялпи мажлисида иштирок этди. Ундан сўнг у Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев билан учрашди.
Учрашувда савдо-иқтисодий алоқаларни янада ривожлантириш, йирик сармоявий ва инфратузилма лойиҳаларини биргаликда амалга ошириш, энергетика, транспорт-логистика, маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
“Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида сайёҳлар сони ортиб бормоқда. Шунингдек, ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 2 баробар ошгани кузатилди. Айни пайтда товар айирбошлаш ҳажмини 2 миллиард долларга етказиш бўйича тегишли ишлар олиб борилмоқда”, – деди Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси раиси.

Бундан ташқари, Шавкат Мирзиёев ва Ақилбек Жапаров Шарқ ва Ғарбни боғлайдиган Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли қурилиши, Қозоғистон, Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳамкорлигида қурилаётган Қамбарота ГЭСи қурилиши ҳақида сўз юритди.

Ташриф доирасида Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги икки томонлама ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг 11-мажлиси ҳам бўлиб ўтди. Бундан ташқари, икки томонлама учрашувлар, энергетика ва қурилиш компаниялари раҳбарлари билан музокаралар ўтказилди.