Ўзбекистон ва Кувайт ўртасида қатор ҳужжатлар имзоланди
Икки давлат ўртасида турли соҳаларда, жумладан, саноат, соғлиқни сақлаш ва туризм соҳаларида ҳамкорлик тўғрисида битимлар имзоланган, деб ёзади uznews.uz.

Ал-Кувайтда бўлиб ўтган музокаралар якунида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Кувайт амири Шайх Мишъал ас-Сабоҳ Ўзбекистон-Кувайт кенг қамровли шериклик муносабатларини ривожлантириш тўғрисида қўшма баёнот қабул қилдилар.
Музокаралар чоғида Инвестиция платформаси ва Ишбилармонлар кенгаши каби механизмларни йўлга қўйиш, шунингдек, Ал-Кувайт шаҳрида савдо уйини очиш бўйича келишувга эришилди. Янги Шериклик дастури доирасида Кувайт араб иқтисодий тараққиёт фонди билан лойиҳалар портфелини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон ва Кувайтда маданият ва туризм ҳафталикларини ўтказиш, икки мамлакат вакилларининг санъат, мусиқа, кино, таълим ва спорт соҳаларидаги маданий-гуманитар тадбирларда фаол иштирок этишига кўмаклашишга келишиб олинди.
Якунда қуйидаги ҳужжатлар имзоланди:
• Саноат соҳасида ҳамкорлик тўғрисида битим;
• Ҳаво қатнови тўғрисидаги битимга Баённома;
• Меҳнат соҳасида ҳамкорлик тўғрисида битим;
• "Ақлли" шаҳарларни барпо этиш соҳасида ҳамкорлик тўғрисида битим;
• Санъат ва маданият соҳаларида ҳамкорлик тўғрисида битим;
• Соғлиқни сақлаш соҳасида ҳамкорлик тўғрисида битим;
• 2025-2027 йилларда туризм соҳасидаги чора-тадбирлар дастури;
• Кувайт араб иқтисодий тараққиёт жамғармаси билан ҳамкорлик тўғрисида битим.