Ўзбекистон ва Беларусь ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 1 миллиард долларга етказишни режалаштирмоқда

Шавкат Мирзиёев
Фото: president.uz

ТASHKENT.Кazinform - Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёев ва Беларусь президенти Александр Лукашенко Тошкентда бўлиб ўтган музокаралар чоғида икки давлат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликнинг устувор йўналишларини муҳокама қилди, деб хабар беради Kazinform агентлигининг Тошкентдаги мухбири Алихан Асқар.

Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабарига кўра, ўтган йили икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 15 фоизга ошган.

“Икки давлат ҳукуматига яқин йилларда бу кўрсаткични 1 миллиард долларга етказиш вазифаси қўйилди. Шу мақсадда қўшма ташқи савдо компаниясини ташкил этиш, экспорт ва импортни қўллаб-қувватлаш механизмлари ҳамда товарларни сертификатлашнинг электрон тизимини жорий этиш бўйича келишувга эришилди”, — дейилади Ўзбекистон раҳбари матбуот хизмати хабарида.

Бундан ташқари, томонлар юк ташиш учун ўзаро қулай шарт-шароитлар яратиш, Жанубий Осиёнинг самарали бозорларига чиқиш имконини берувчи мультимодаль коридорлардан оқилона фойдаланишга келишиб олдилар.

Бундан ташқари, ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Кейинги йилларда қўшма корхоналар сони 4 баробар ошди. Музокаралар чоғида давлат раҳбарлари ҳамкорликнинг қишлоқ хўжалиги, енгил, озиқ-овқат ва электротехника саноати, фармацевтика ва алоқа каби устувор йўналишларини таъкидладилар.

Икки давлат раҳбарлари маданий-гуманитар ҳамкорликни мустаҳкамлашга келишиб олдилар. Шунга кўра, олий ва касб-ҳунар таълими, соғлиқни сақлаш, маданият, спорт ва туризм соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш дастурлари ишлаб чиқилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Беларусь президенти Александр Лукашенко Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Тошкентга расмий ташриф билан бориши ҳақида хабар берган эдик.

Сўнгги хабарлар