Ўзбекистон ва АҚШ Артемида битимларини имзолади

ASTANA. Kazinform – Самарқандда бўлиб ўтган икки томонлама музокаралардан сўнг Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов ва АҚШ Давлат котиби Марко Рубио Артемида битимларини имзолади. Бу ҳақда UzA агентлиги хабар берди.

Өзбекстан, Марко Рубио
Фото: UzA агенттігі

Ҳужжатда Ой, Марс, кометалар ва астероидларни тинчлик мақсадларда тадқиқ этиш ҳамда улардан фойдаланиш соҳасидаги халқаро ҳамкорлик тамойиллари белгиланган.

Битимнинг имзоланиши Ўзбекистоннинг АҚШ Миллий аэронавтика ва космик фазони тадқиқ этиш бошқармаси (NASA), шунингдек, келишув иштирокчиси бўлган бошқа давлатларнинг космик агентликлари билан ҳамкорлигини кенгайтириш, миллий мутахассисларни тайёрлаш ва космик технологияларни узатишга кўмаклашиш учун янги имкониятлар яратади.

Ўзбекистон Артемида битимларини имзолаган 77-давлат бўлди.

Бахтиёр Саидов ва Марко Рубио, шунингдек, Марказий Осиё давлатлари ва АҚШ ўртасидаги C5+1 форматидаги вазирлар учрашуви доирасида ташкил этилган «Ўзбекистон ва АҚШ: асрлар ва қитъалар оша муштарак тарих» кўргазмаси билан ҳам танишдилар.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Давлат котиби Марко Рубионинг Ўзбекистонга ташриф буюргани ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, Қозоғистон ташқи ишлар вазири Муҳтар Тилеуберди АҚШ Давлат котиби Марко Рубио билан учрашган эди. Учрашувда Марко Рубио Қозоғистонга ташриф буюриши мумкинлиги ҳам айтилган.

Бундан аввалроқ Қозоғистон ташқи ишлар вазири Мухтпр Тилеубердининг Самарқандда бўлиб ўтган C5+1 форматидаги вазирлар учрашувида иштирок этгани ҳақида хабар берилган эди. Унда АҚШ Давлат котиби Марко Рубио ва Марказий Осиё давлатлари ташқи ишлар идоралари раҳбарлари ҳам қатнашган.