Ўзбекистон-Тожикистон чегарасида 90 килограммга яқин наркотик моддалар мусодара қилинди

Ўзбекистон ва Тожикистон чегарасида йирик ҳажмда гиёҳванд моддаларни олиб ўтиш факти аниқланди, деб хабар беради Kazinform агентлиги мухбири.

Ўзбекистон-Тожикистон чегарасида 90 килограммга яқин наркотик моддалар мусодара қилинди
Фото: Frank Hoermann/SvenSimon/picture alliance

Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати маълумотларига кўра, чегара қўшинлари ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор қидирув тадбирлари натижасида Сурхондарё вилоятида Тожикистондан олиб келинган йирик партиядаги гиёҳвандлик воситалари олиб қўйилган.

“Ўзбекистон-Тожикистон давлат чегарасининг Сариосиё тумани Чашма аҳоли пункти ҳудудидан ўтувчи қисмидан 39 килограмм 409 грамм героин, 35 килограмм 745 грамм опий, 14 килограмм 545 грамм гашиш топилди”, – дейилади Давлат хавфсизлик хизмати хабарида.

Бошқарма маълумотларига кўра, мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 246-моддаси 2-қисми (Контрабанда) билан иш қўзғатилган. Ҳозирда умумий оғирлиги 89 кг 699 грамм бўлган гиёҳванд моддалар кимга тегишли эканлигини аниқлаш юзасидан тегишли чоралар кўрилмоқда.

Сўнгги хабарлар