Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Қозоғистондаги ўзбекистонликларга расмий мурожаат йўллади

Қозоғистон-Ўзбекистон
Фото: очиқ манбалардан олинган

Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ижтимоий тармоқларда “Жорий йилнинг 10 ноябридан 21 ноябригача Қозоғистон ҳудудида ҳужжатларсиз, яъни ҳужжати бўлмаган ёки миграция қонунчилигини бузган фуқароларнинг тарк этиши сўралди”, деган хабарлар тарқалганини маълум қилди ва Қозоғистондаги ўзбекистонликларга расмий мурожаат йўллади, деб хабар беради Kazinform.

Мазкур хабарлар туфайли Қозоғистон ҳудудида ишлаб юрган ўзбекистонликлар ўртасида турли тушунмовчиликлар юзага келгани айтилмоқда.

Ташқи миграция агентлиги матбуот хизмати ушбу хабарлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини маълум қилди.

Қайд этилишича, Қозоғистон Республикаси Ҳукуматининг 2022 йил 31 декабрдаги 1146-сонли қарорига асосан, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари Қозоғистон Республикаси давлат чегарасини кесиб ўтган кундан бошлаб, 30 кунгача бўлиб туриши мумкин. Аммо, умумий бўлиш муддати 180 календарь куни давомида 90 календарь кунидан кўп бўлмаслиги керак, яъни фуқаро узлуксиз 90 календарь кунидан ортиқ Қозоғистонда бўлиб туриши мумкин эмас.

“Қозоғистонга ишлаш мақсадида бораётган Ўзбекистон фуқаролари 30 кун ичида иш берувчи билан меҳнат шартномасини тузгач, иш берувчи уни Халққа хизмат кўрсатиш марказида рўйхатга киритиб, 3 ойгача бўлган муддатга ишлаш ва яшаш учун рухсатнома олиш ёки салоҳиятли иш берувчилар томонидан квота асосида ишга жалб қилиш тартиби мавжуд”,- дейилади хабарда.

Сўнгги хабарлар