Ўзбекистон Президенти Қозоғистон билан тузилган Иттифоқ шартномасини ратификация қилди

Шавкат Мирзиёев
Фото: Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Қозоғистон билан Иттифоқ муносабатлари тўғрисидаги шартномани ратификация қилиш тўғрисидаги қонунни имзолади, деб хабар беради Kazinform агентлиги мухбири ЎР Адлия вазирлиги матбуот хизматига таяниб.

Шартноманинг асосий мақсади икки давлат мустақиллиги, ҳудудий яхлитлиги ва барқарор иқтисодий ривожланишини янада мустаҳкамлашга қаратилган давлатлараро муносабатларнинг янги босқичини ҳуқуқий жиҳатдан йўлга қўйишдан иборат.

Ҳужжат парламентлар, сиёсий партиялар ва жамоат ташкилотлари ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлаш, ташқи сиёсат, мудофаа ва хавфсизлик, миграция, саноат кооперациясини ривожлантириш, трансчегаравий сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича қўшма чора-тадбирларни амалга оширишга қаратилган комплекс ҳамкорликни ўз ичига олади.

Бундан ташқари, икки томонлама муносабатларни янада мустаҳкамлаш мақсадида давлат раҳбарлари бошчилигида Олий давлатлараро кенгаш ташкил этилади. У ерда иттифоқчилик муносабатларини ривожлантиришнинг стратегик йўналишлари белгиланиб, энг муҳим масалалар муҳокама қилинади.

Эслатиб ўтамиз, Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев ва Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ўтган йил 22 декабрда Тошкентда Иттифоқ муносабатлари тўғрисидаги шартномани имзолаган эди.

Сўнгги хабарлар