Ўзбекистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаевни туғилган куни билан табриклади
TASHKENT. Kazinform - Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 17 май куни Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев билан телефон орқали мулоқот қилди, деб хабар беради Kazinform агентлиги UzAга таяниб.

Шавкат Мирзиёев Қасим-Жомарт Токаевни туғилган куни билан табриклаб, унга мустаҳкам соғлик, фаровонлик ва муваффақиятлар, қардош қозоқ халқига тинчлик ва фаровонлик тилади. Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш, иттифоқчилик даражасига кўтаришга Қасим-Жомарт Тоқаевнинг шахсий катта ҳиссаси алоҳида таъкидланди.
Икки давлат раҳбарлари Ўзбекистон-Қозоғистон кўп қиррали ҳамкорлигини янада кенгайтиришнинг долзарб масалаларини кўриб чиқдилар.
Хива шаҳрида бўлиб ўтган ишчи йиғилишда эришилган келишувларни амалга оширишнинг бориши ва бўлажак тадбирларни юқори даражада ўтказиш жадвали муҳокама қилинди.
Бизнес ва ҳудудларни жалб этган ҳолда саноат, транспорт-логистика, энергетика, қишлоқ хўжалиги соҳаларида ҳамкорликни ривожлантиришга кўмаклашувчи савдо-иқтисодий ҳамкорлик лойиҳаларининг янги портфелини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Фаол маданий-гуманитар алмашинувни давом эттириш муҳимлиги таъкидланди.