Ўзбекистон олий таълим муассасалари делегацияси Брюсселда
Жорий йилнинг 19 ноябридан 25 ноябригача Бельгия таълим кенгашининг таълим дастури доирасида Ўзбекистоннинг ўндан ортиқ олий таълим муассасалари раҳбарларидан иборат делегация Брюсселда бўлади, деб хабар беради Каzinform мухбири.

22 ноябрь куни Ўзбекистон Республикасининг Бельгиядаги элчихонасида мамлакат университетлари билан Европа компаниялари ва университетлари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, шунингдек, уларнинг Европа Иттифоқи билан инновацион таълим соҳасида алоқаларини кенгайтириш истиқболларига бағишланган тақдимот бўлиб ўтди.
Тадбирда Европа томонидан Европарламент, Европа комиссияси, Европа ташқи алоқалар хизмати, Бельгия таълим кенгаши, эксперт ва таҳлилий доиралар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Ўзбекистондаги бир қатор олий таълим муассасалари, Урганч технология университети, Альфраганус университети раҳбарлари, Сингапур менежментни ривожлантириш институтининг тадқиқот, инновациялар ва халқаро алоқалар бўйича директори, Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университетининг илмий ишлар ва инновацион лойиҳалар бўйича проректори, Андижон машинасозлик институти, “Маъмун университети” НТМ, Самарқанд давлат чет тиллар институти ва бошқаларнинг тақдимотлари тингланди.
Европа институтлари вакилларига Ўзбекистондаги университетларни ривожлантириш имкониятлари ва истиқболлари, Европанинг етакчи университетлари ва Европа Иттифоқи институтлари билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш режалари ҳақида маълумот берилди.
Тадбир якунлари бўйича Ўзбекистон университетлари ва Белгия таълим кенгаши ўртасида 20 та ўзаро англашув ва ҳамкорлик меморандумлари имзоланди. Улар профессионал видеоконференциялар, ўқув дастурлари ва академик алмашинувлар, ўқув ва илмий стажировкаларни ташкил этиш, Ўзбекистоннинг юқори малакали профессор-ўқитувчилари ва илмий кадрлари ҳамда мутахассисларини тайёрлаш, шунингдек, онлайн таълим соҳасида ҳамкорликни фаоллаштиришни назарда тутади.
Муаллиф: Арнур Раҳимбеков