Ўзбекистон Олий суди ходими 10 минг доллар пора билан ДХХ томонидан ушланди

Ўзбекистон Олий суди ходими 10 минг доллар пора билан ДХХ томонидан ушланди
Фото: видеодан кадр

ДХХ томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати катта консультанти фуқародан 10 минг АҚШ доллари олган вақтида қўлга олинди, дея хабар беради Kazinform агентлиги ЎР ДХХ матбуот хизматига таяниб.

Аниқланишича, у муқаддам судланган 2 нафар шахсга нисбатан Олий суднинг Жиноий ишлар бўйича судлов ҳайъатида кассация тартибида кўрилаётган жиноят ишини Фарғона вилоят судига ўтказган ҳолда, уларнинг оқланишига ёрдам беришни ваъда қилган.

Яна бир ҳолатда Сурхондарё вилоят суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг судья катта ёрдамчиси маҳаллий тадбиркорнинг ишончига кириб, унинг аппеляция босқичида кўрилаётган даъво аризаларини судьялар орқали ижобий ҳал қилиб бериш эвазига 6 минг АҚШ доллари олган вақтида ДХХ ходимлари томонидан ушланди.

Тезкор суриштирув ҳаракатлари давомида, судья катта ёрдамчиси муқаддам тадбиркорнинг Термиз туманлараро иқтисодий судига киритган даъво аризасини ижобий ҳал қилиб бериш эвазига 2 минг АҚШ доллари талаб қилиб, 600 АҚШ доллари олганлиги маълум бўлди.

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан ЎР ЖКнинг 168, 28 ва 211-моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

 

Сўнгги хабарлар