Ўзбекистон МДҲ давлатлари Коинот кенгашига раислик қилади
Тошкентда МДҲ давлатлари коинот бўйича Давлатлараро кенгаши бешинчи мажлиси иш бошлади. Йиғилиш қарорига мувофиқ, Ўзбекистон 2024-2025 йилларда мазкур фазовий кенгашга раислик қиладиган бўлди, деб ёзади ЎзА.
“МДҲ Ижроия қўмитаси 2024-2025 йиллар учун Кенгаш аъзоси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Космик технологияларни тадқиқ қилиш агентлиги директори Шуҳрат Қодировни Кенгаш раиси этиб сайлашни таклиф этади”, – деди ижроқўмнинг Иқтисодий ҳамкорлик департаменти директори Михаил Мискин.
“РИА Новости” ахборотида йиғилиш иштирокчилари Ўзбекистон фазоси раҳбари номзодини бир овоздан қўллаб-қувватлагани алоҳида таъкидланган.
Меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ, раислик алифбо тартибида ҳар бир аъзо-давлат томонидан навбат билан амалга оширилади. 2023-2024 йиллар ҳамдўстликнинг ушбу тузилмасини Тожикистон бошқармоқда.
“Коинот таълими соҳасидаги ҳамкорлигимизни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, ёш мутахассислар малакасини ошириш бўйича қўшма лойиҳалар амалга ошириш ташаббусини илгари сурмоқчимиз”, – деди мамлакат вакили ўз чиқишида.
“Ўзбек фазоси” раҳбари таъкидлашича, Кенгаш олдига яқин йилларда фаолиятни янада ривожлантириш, хусусан БМТ доирасидаги саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш, фазовий технологиялар соҳасидаги ҳамкорликни янада чуқурлаштириш бўйича улкан вазифалар турибди.