Ўзбекистон, Қирғизистон ва Қозоғистон энергетика ва сув хўжаликлари вазирларининг навбатдаги учрашуви бўлиб ўтди

TASHKENT. Kazinform – 12 октябрда Энергетика вазирлигида Ўзбекистон энергетика вазири Ж.Мирзамаҳмудов, Ўзбекистон сув хўжалиги вазири Ш.Хамраев, Қозоғистон энергетика вазири А.Сатқалиев, Қозоғистон сув ресурслари ва ирригация вазири Н.Нуржигитов ва Қирғиз Республикаси энергетика вазири Т.Ибраев ҳамда бошқа мутасадди раҳбарлар иштирокида навбатдаги ишчи учрашув бўлиб ўтди, деб хабар беради ЎР Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.

Ўзбекистон, Қирғизистон ва Қозоғистон
Фото: Энергетика вазирлиги матбуот хизмати

Шунингдек, ушбу учрашувда Озарбайжон энергетика вазири ўринбосари К.Аббосов меҳмон сифатида иштирок этди.

Учрашувда мамлакатлар сув-энергетика тизимининг куз-қиш мавсумида барқарор ишлашини таъминлаш масалалари муҳокама этилди. Шунингдек, тармоқлар иш режимларининг графиклари келишилди.

Мазкур тадбирда томонлар ўртасида ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳалар, хусусан, “Қамбарота ГЭС-1” қурилиши лойиҳасининг ҳозирги ҳолати ҳамда сув-энергетика балансини мувофиқлаштириш масалалари кўриб чиқилди.

Шу билан бирга, учрашувда Хитойнинг “CEEC” компанияси вакиллари билан Қирғиз Республикасининг Жалолобод вилоятида “Чотқол” ГЭС қурилиши юзасидан ўтказилган дастлабки ўрганишлар ва келгусидаги режалар муҳокама этилди.

Учрашув сўнгида томонлар ўртасида доимий ишчи гуруҳ йиғилишларини ўтказиб туриш ва лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан “йўл харитаси”ни имзолаш таклиф этилди ҳамда тегишли ҳужжатлар имзоланди.

Сўнгги хабарлар