Ўзбекистон IV Жаҳон креатив иқтисодиёт конференциясига мезбонлик қилмоқда
TASHKENT. Kazinform - Тошкент шаҳрида IV Жаҳон креатив иқтисодиёт конференцияси ўзи ишини бошлади. Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси (ACDF) томонидан Индонезия, БМТ Савдо ва тараққиёт конференцияси (UNCTAD) ва Жаҳон интеллектуал мулк ташкилоти (WIPO) кўмагида ва қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу тадбирда 75 давлатдан 2 минг нафардан зиёд маҳаллий ва хорижлик соҳа вакиллари иштирок этмоқда, деб хабар беради Kazinform ЎзАга таяниб.
«Инклюзив креативлик: ўзгарувчан реаллик» деб номланган мазкур нуфузли тадбирда технологияларнинг жадал ривожланиши билан боғлиқ ижтимоий ва иқтисодий муаммолар ҳамда барқарор келажакни шакллантиришда креатив саноатларнинг ўрни каби масалалар муҳокама этилади.
Шунингдек, конференция давомида креатив иқтисодиёт масалалари бўйича вазирлар учрашуви, жаҳон ва Ўзбекистоннинг креатив саноатлари ютуқлари кўргазмаси, шунингдек, кўплаб воркшоплар, маҳорат дарслари ва амалий машғулотлар каби муҳим тадбирлар ташкил этилади.
Тадбир доирасида Тошкент шаҳридаги Замонавий санъат маркази қошида янги Арт-резиденциялар очилиши ҳам кутилмоқда.
Маълумот ўрнида, WCCE конференцияси 2018 йилда илк бор Индонезияда ташкил этилган бўлиб, креатив иқтисодиёт масалаларини муҳокама қилиш учун етакчи халқаро платформа сифатида ўзини намоён қилган. WCCE барқарор иқтисодий ўсишни рағбатлантириш ва ресурсларга боғлиқ иқтисодиётдан билим иқтисодиётига ўтишда халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга ёрдам беради.
Аҳамиятлиси, бу гал Ўзбекистон мезбонлик қилаётган ушбу “WCCE-2024” конференцияси креатив саноатлар инклюзив ва барқарор иқтисодий ривожланишга ҳисса қўшиши, шунингдек, сунъий интеллект каби технологиялар бу соҳадаги тартиб-қоидаларни ўзгартириши учун махсус платформа бўлиб хизмат қилади.
Конференциянинг расмий очилишида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов, Президент ёрдамчиси Саида Мирзиёева иштирок этмоқда.