Ўзбекистон ИҲТни 2035 йилгача ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқишни таклиф қилди

Мирзиёев
Фото: ЎР Президенти матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Тошкентда бўлиб ўтаётган Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг 16-саммитида ташкилот олдига қўйилган вазифалар ижросига алоҳида эътибор қаратди ва қатор ташаббуслар билан чиқди, деб хабар беради Kazinform мухбири.

Ўзбекистон раҳбари 2035 йилгача ИҲТ доирасидаги ҳамкорликнинг асосий йўналишларини белгилаб берувчи концепция қабул қилишни таклиф қилди.

“Ўзбекистон ташкилотнинг асосий ҳужжати – “Истиқболлар – 2025” лойиҳасининг хулосасини қўллаб-қувватлайди. Шу билан бирга, ИҲТнинг устувор йўналишларини белгилаб берувчи “Иқтисодий ҳамкорликнинг стратегик мақсадлари – 2035” концептуал ҳужжатини ишлаб чиқишга киришиш вақти келди, деб ҳисоблаймиз”, - деди Шавкат Мирзиёев.

Маълумки, ўтган йили ИҲТ мамлакатлари ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 85 миллиард долларга етди. Бу ташкилотга аъзо давлатларнинг умумий ташқи савдосининг атиги 8 фоизини ташкил этади. Шу боис Шавкат Мирзиёев мамлакатлар ўртасида экспорт ва импортга қўйиладиган талабларни соддалаштиришни таклиф қилди.

“Узлуксиз савдо платформасини яратишда ҳали ҳам кўплаб чекловлар ва муаммолар мавжуд. Биз вазиятга янгича нуқтаи назардан қарашимиз ва уни оқилона йўналишга ўзгартиришимиз керак”, - дея таклиф қилди Ўзбекистон Президенти.

ИҲТ
Фото: ЎР Президенти матбуот хизмати

 

Саммитда иқтисодий масалалардан ташқари маданий-гуманитар ҳамкорлик масалалари ҳам муҳокама қилинди. Масалан, ИҲТга аъзо давлатлар ҳудудида ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган 90 га яқин ёдгорлик мавжуд. Шунингдек, ҳар йили ушбу ташкилот давлатларига 80 миллионга яқин хорижий сайёҳлар келади.

“Трансчегаравий йўналишларнинг катта имкониятларини ҳисобга олган ҳолда, қўшма туристик йўналишлар очиш ва “Ипак йўли” бренди остида умумий туристик дастурларни кўпайтиришни таклим қиламан», – деди Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистон раҳбари ИҲТ котибияти ҳузурида туризм бўйича алоҳида маслаҳат қўмитаси ташкил этишни таклиф қилди, унинг таркибига аъзо мамлакатларнинг туризм маъмуриятлари ва етакчи экспертлари киради.

Мирзиёев
Фото: ЎР Президенти матбуот хизмати

 

Шавкат Мирзиёевнинг сўзларига кўра, мазкур қўмитанинг биринчи йиғилиши келгуси йили Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг туризм пойтахти деб эълон қилинган Шаҳрисабзда ўтказилиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, бугун Тошкентда Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг 16-саммити бўлиб ўтмоқда. Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев, Эрон Президенти Иброҳим Раисий, Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаров, Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон, Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов, Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған, Қозоғистон Бош вазири Алихан Смаилов, Покистон муваққат ҳукумати раҳбари Анвар ул-Ҳақ Какар ва Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти Бош котиби Хусрав Нозирий иштирок этмоқда.

Сўнгги хабарлар