Ўзбекистон футболчилари минтақавий кубокни қўлга киритди

TASHKENT. Kazinform — Тошкентдаги Олимпия стадионида “CAFA Nations Cup” турнирининг финал ўйини бўлиб ўтди. Унга Президент Шавкат Мирзиёев ташриф буюрди, деб хабар беради UzA.

футбол
Фото: UzA

Финалда Ўзбекистон ва Эрон миллий жамоалари баҳс олиб борди. Асосий вақтда гол урилмагач, қўшимча таймлар белгиланди. Улар ҳам дуранг бўлиб, ўйин пенальтилар сериясига қараб кетаётган пайтда Ўзбекистон ғалаба голини киритди. 120-дақиқада қанотдан оширилган тўпни Ҳожиакбар Алижонов боши билан рақиб дарвозасига йўллади.

Шу тариқа Ўзбекистон миллий терма жамоаси 2025 йилги “CAFA Nations Cup” ғолиби бўлди.

Музаффар футболчиларга олтин медаллар ва кубокни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев топширди. Тақдирлаш маросимида FIFA раҳбари Жанни Инфантино ва бошқа расмий шахслар ҳам иштирок этди.

Ушбу кубок ўйинлари жаҳон чемпионатига чиққан ўзбекистонлик футболчилар учун яхши тайёргарлик вазифасини ўтади. Яна бир томони, миллий терма жамоанинг Эронга қарши 13 йиллик ғалабасиз сериясига якун ясалди. 2023 йилда ўтказилган биринчи шундай мусобақада ҳам Ўзбекистон финалда айнан Эронга 0:1 ҳисобида ютқазган эди.

CAFA — Марказий Осиё футбол ассоциациясидир. CAFA кубоги ҳар икки йилда ўтказилади. Бу йилги мусобақада, шунингдек, Афғонистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Ҳиндистон, Ўмон терма жамоалари қатнашди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонлик футболчи Асилбек Жумаевга Европадан қизиқиш бор эканлиги ҳақида хабар берган эдик.

Сўнгги хабарлар