Ўзбекистон фуқаросининг ўғирланиши: Чимкент полицияси янги тафсилотларни маълум қилди
Чимкент полицияси Алматида хорижлик шахс ўғирланиши бўйича ишнинг янги тафсилотларини маълум қилди, деб хабар беради Kazinform агентлиги Polisia.kzга таяниб.
14 октябрь куни Алмати полициясига Ақтўбе вилоятида яшовчи фуқародан хабар келиб тушган. Аёлнинг сўзларига кўра, Ўзбекистон фуқароси бўлган укаси Чимкентдаги меҳнат қуллигидан қочиб, Алматидаги унинг олдига келган. Айтилишича, Чимкент ғишт заводи эгалари эркакни жисмоний зўравонлик билан қўрқитиб, куч билан ушлаб туришган. Номаълум шахслар эса унинг акасининг изига тушиб, уни ўғирлаб кетишди ва BMW русумли автомашинада, чамаси Чимкентга олиб кетишган.
Воқеа содир бўлган жиноятнинг оғирлигини инобатга олиб, Алмати ва Чимкент шаҳарларининг уюшган жиноятчиликка қарши курашиш бўлимлари ходимлари ҳамкорликда махсус тезкор тадбирлар ўтказди. Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари уч нафар ғишт заводининг хўжайини, Чимкент шаҳри ва Туркистон вилояти турғунларини қўлга олди.
Улардан иккитаси ака-ука. Текширувлар давомида терговчилар иккита завод ҳудудидан 60 дан ортиқ хорижликларни аниқладилар, уларнинг барчаси Ўзбекистон фуқаролари эди.
Терговга қадар ўтказилган тергов-суриштирув ишлари давомида заводга хорижликлар ишга таклиф қилингани аниқланган. Кейин ҳужжатларини олиб қўйишиб, маошини бермаганлар, вақти-вақти билан жисмоний зўравонлик ишлатиб, қўрқитганлар.
Бугунги кунда 25 нафар хорижлик ишчи “Сана сезим” нодавлат нотижорат ташкилоти қарамоғида, 30 дан ортиқ фуқаро шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари йўқлиги сабабли тақсимлаш бўлимига жойлаштирилган.
Полицияга хорижлик фуқаролардан гумонланувчиларга нисбатан учта расмий шикоят келиб тушган.
Гумонланувчилар ҳибсда. Уларга нисбатан Қозоғистон Республикаси Жиноят кодексининг икки моддаси: 126-“Меҳнатни эксплуатация қилиш мақсадида қонунга хилоф равишда озодликдан маҳрум қилиш” ва 389-модда “Ўзбошимчалик” бўйича судга қадар тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Экспертиза тайинланди.