Ўзбекистон дунёнинг энг кучли армиялари рейтингида 65-ўринни эгаллади
Жаҳон армияларининг йиллик рейтингида Ўзбекистон Қуролли Кучлари 65-ўринни эгаллади, деб хабар беради Каzinform.

Global Firepower таҳлил маркази дунёнинг энг кучли армиялари рейтингини тақдим этди. Рўйхатга 145 та давлат киритилган.
Бу ерда Ўзбекистон уч поғона пастлаб, 65-ўринни эгаллади. Бир йил аввал бу давлат 62-ўринни эгаллаган эди. Маълумотларга кўра, Ўзбекистоннинг мудофаа бюджети 796 миллион долларга баҳоланган. Хизматга яроқли кадрларнинг умумий сони 13,7 миллион кишини, ҳарбий хизматчилар сони эса 68 минг нафарни ташкил этади.
Қозоғистон армиясининг мавқеи Марказий Осиё давлатлари орасида олдинда. Мамлакат рейтингда 58-ўринни эгаллаб турибди. Туркманистон – 83, Қирғизистон – 100, Тожикистон – 107-ўринда.
АҚШ, Россия ва Хитой дунёдаги энг кучли учта армия қаторига киради. Шунингдек, кучли ўнликдан Ҳиндистон, Жанубий Корея, Буюк Британия, Япония, Туркия, Покистон ва Италия жой олди.
Global Firepower рейтинги 60 дан ортиқ турли омилларга асосланади. Шунингдек, ҳарбий соҳани молиялаштириш ҳажми, қўшин ва бўлинмалар сони, уларнинг моддий-техник таъминоти, мамлакатнинг транспорт инфратузилмаси ва географик жойлашуви ҳам ҳисобга олинади.