Ўзбекистон Бухорода янги халқаро аэропорт қурмоқда
TASHKENT. Kazinform - Бухоро шаҳрининг туризм салоҳиятини ошириш мақсадида Ўзбекистон ҳукумати томонидан янги халқаро аэропорт қурилади. Бухорога сайёҳлар оқимини 8 миллионга етказиш режалаштирилган, деб хабар беради Kazinform агентлигининг Ўзбекистондаги мухбири.
Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати хабар қилганидек, ҳозирги Бухоро аэропорти аҳоли ва сайёҳлар талабларига жавоб бермайди. У соатига атиги 400 йўловчига ёки йилига 1 миллион йўловчига хизмат кўрсатиши мумкин.
— Парвозларни бошқариш ва йўловчиларга хизмат кўрсатиш тизимлари, кутиш-кузатиш заллари эскиргани қатновларни кўпайтириш имконини чеклаяпти. Аксарият сайёҳлар Бухорога бориш учун Тошкент, Самарқанд ёки Урганч аэропортларига қўнишга мажбур бўлаяпти. Масалан, 9 ойда Бухорога ташриф буюрган 1 миллиондан зиёд хорижий туристларнинг 95 фоизи поезд ёки автомобилда борган, - дейилади Ўзбекистон раҳбари матбуот хизмати хабарида.
Бухоро вилоятида меҳмонхоналар тармоғи ва зиёрат туризми ривожланмоқда. Яқин 3 йилда Бухорога сайёҳлар оқимини 8 миллионга етказиш режалаштирилган.
Шу муносабат билан жорий йилнинг 31 май куни Президент Шавкат Мирзиёевнинг Бухоро вилоятига амалий ташрифи чоғида янги халқаро аэропорт қурилиши бошланди. Лойиҳа доирасида давлат-хусусий шериклик асосида халқаро стандартларга жавоб берадиган иншоот барпо этилади.
Аэропорт соатига 1200 йўловчига (йилига 3 миллион) хизмат кўрсатади ва 8 та самолётни қабул қилади. Янги авиакомпанияларни жалб қилиш ҳам кўриб чиқилмоқда.
Муаллиф: Данагул Қарбаева