Ўзбекистон Бош прокуратураси “Антиструмин” дори воситаси бўйича расмий баёнот билан чиқди
Билдирилган расмий баёнотга кўра, “Антиструмин” дори воситаси билан боғлиқ жиноят иши юзасидан Ўзбекистон Бош прокуратураси томонидан жиноят-процессуал қонунчилик асосида дастлабки тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда, деб хабар беради Kazinform ЎР Бош прокуратураси матбуот хизматига таяниб

Ҳозирги кунда мазкур жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари якунига етмаган бўлсада, жиноят иши доирасида 3 нафар аёллар қамоққа олинганлиги ҳақидаги маълумотлар ҳар хил талқин қилинган ҳолда оммавий ахборот воситаларида тарқатиб келинмоқда.
Таъкидланишича, тарқатилаётган ушбу маълумотлар терговнинг объектив ва холисона олиб борилишига халақит қилмоқда.
Шу боис, Жиноят-процессуал кодекси талабларидан келиб чиқиб, тергов ҳаракатлари олиб борилаётган вақтда шахсга доир маълумотларни тарқатиш ва терговга аралашиш қонун билан тақиқланиши эслатиб ўтилган.
Шунингдек, оммавий ахборот воситалари вакиллари ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларини тергов тугагунига қадар ижтимоий тармоқларда ушбу жиноят ишига оид маълумотларни тарқатмасликка чақирди.
Тергов натижаси ҳақида қўшимча равишда маълум қилинади, дейилади Бош прокуратура баёнотида.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда болаларни йод билан таъминлаш дастури бошлангани хабар қилинди.
Шунингдек, Ўзбекистонда 70 дан ортиқ бола заҳарланиш билан касалхонага ётқизилди.