Уйларида ноқонуний тўппонча ва қурол сақлаган ўзбекистонликлар қўлга олинди
ТASHKENT. Кazinform - Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) ва Ўзбекистон ички ишлар органлари ҳамкорликда мамлакат пойтахтида ноқонуний қурол сақлаган Бухоро вилояти турғунини қўлга олди, деб хабар берди Кazinform агентлигининг Ўзбекистондаги мухбири Алихан Асқар.

Яна бир ҳолат юзасидан ўтказилган тергов-суриштирув ишлари давомида қўлга олинган фуқароларнинг уйида қурол-яроғ ва ўқ-дорилар яширинганлиги аниқланган.
1973 йилда туғилган гумонланувчининг яшаш жойини кўздан кечириш чоғида ундан 3 дона “Макаров” русумли тўппонча ва 21 дона патрон ҳамда 1 дона “ТТ” русумли тўппонча, 5 дона ўқ-дорилар топилди. Бундан ташқари, том остига яширилган 1 дона қуролнинг овозини пасайтирувчи мослама мусодара қилинди.
ДХХ матбуот хизмати хабарига кўра, гумонланувчи ва унинг танишлари Россиядан яширинча қурол ва ўқ-дориларни олиб ўтган.
Экспертиза натижаларига кўра, олиб қўйилган тўппонча ва уларнинг патронлари отиш учун фойдаланишга яроқли деб топилди.
Бундан ташқари, гумонланувчининг шериклари ҳам уйда қурол сақлаган. Кўздан кечириш чоғида ушбу фуқародан тегишли ҳужжатлари бўлмаган 2 дона ов милтиғи ва ўқ-дорилар олиб қўйилди.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 246-моддаси (Контрабанда) ва 248-моддаси (Ўқотар қурол ва ўқ-дориларни қонунга хилоф равишда сақлаш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.