Ўтган йили Қозоғистонга энг кўп сайёҳлар Ўзбекистондан келган
ASTANA. Kazinform – ҚР Туризм ва спорт вазирлиги ҳар бир чет эллик сайёҳ ўртача қанча пул қолдиришини маълум қилди.

Вазирлик маълумотларига кўра, ўтган йили Қозоғистонга энг кўп сайёҳлар Ўзбекистондан келган – 3,6 миллион киши.
Ундан кейин Россия (2 миллион киши), Қирғизистон (1,6 миллион киши) ва Тожикистон (0,7 миллион киши) туради.
“Шунингдек, ўтган йил якунларига кўра, қуйидаги давлатлардан хорижлик ташриф буюрувчилар сони ортганини кўриш мумкин. Масалан, Хитойдан чет эл фуқаролари оқими 20 баравардан ортиқ (2022 йилдаги 17,7 минг кишидан 2023 йилда 367,4 минг кишигача) ошди. Ҳиндистондан сайёҳлар 3 баравар (2022 йилдаги 28,3 минг кишидан 2023 йилда 78 минг кишигача), Жанубий Кореядан 2,5 баробар (2022 йилдаги 15,8 минг кишидан 2023 йилда 36,6 минг кишигача), Германиядан 50 фоизга кўпайди - ( 2022 йилдаги 57 минг кишидан 2023 йилда 85 минг кишига), БААдан эса 50 фоизга ошганини кўрмоқдамиз (2022 йилдаги 6500 кишидан 2023 йилда 10500 кишигача), — дейилади вазирликнинг Kazinformга берган жавобда.
Бу сайёҳларнинг ҳар бири ўртача 1500 доллар қолдирган.
“Миллий банк маълумотларига кўра, узоқ хориждан келган сайёҳларнинг ўртача харажатлари тахминан 1500 АҚШ долларини ташкил этади”, — деб ёзади вазирлик.
Ўтган йили хорижлик сайёҳларнинг 84,4 фоизи шахсий автомобиль ва автобусда, 10,6 фоизи ҳаво, қарийб 5 фоизи темир йўл орқали келган.