Ўтган йили қамоқдан чиққан Перунинг собиқ президенти Альберто Фухимори вафот этди

ASTANА. Кazinform — Коррупция ва инсон ҳуқуқларини бузганликда айбланиб, 16 йилга қамалган Перунинг собиқ президенти Альберто Фухимори 86 ёшида пойтахт Лимада вафот этди, дея хабар беради унинг оиласи. Бу ҳақда BBC ёзади.

Фухимори
Фото: Martin Mejia/AP Photo

“Саратонга қарши узоқ давом этган курашдан сўнг, отамиз Альберто Фухимори ҳозиргина Яратганнинг ҳузурига қайтди”, — деб ёзади унинг фарзандлари Кейко, Хиро, Сачи ва Кенджи Фухимори Х ижтимоий тармоғида.

Ёзда Кейко Фухимори отаси 2026 йилги сайловларда давлат раҳбари лавозимига яна ўз номзодини қўйиш ниятида эканлигини маълум қилган эди.

1990 ва 2000 йилларда Перуни бошқарган Фухимори ҳокимиятда бўлган вақтида содир этган жиноятлари учун 25 йиллик қамоқ муддатининг учдан икки қисмини ўтаб, ўтган йилнинг декабрида амнистияга биноан озод этилган эди.

У исёнчиларга қарши курашиш учун "ўлим отрядлари"ни тузишда ва 1991-1992 йилларда 25 кишини ўлдиришда, шунингдек, ўзлаштириш ва бошқа коррупцион жиноятларда айбланган.

2000 йилда асли япониялик Фухимори мамлакатни тарк этиб, Японияга йўл олди.

Собиқ президентга қарши тергов бошлаган Перу ҳукумати уни экстрадиция қилишни сўраган, аммо Япония рад жавобини берган.

2005 йилда Фухимори кутилмаганда Чилига борди ва у ерда Перу ордери билан ҳибсга олиниб, Лимага олиб кетилди. У ўз мамлакатига экстрадиция қилинган биринчи демократик йўл билан сайланган раҳбар эди.

2007 йилда у 25 йилга қамалган. Перу президенти Педро Пабло Кучински 2017 йилда Фухиморини соғлиғи туфайли афв этган эди.

Шундан сўнг Альберто Фухимори халқдан кечирим сўради ва касалхонадан ёзган баёнотида президентга авф этгани учун миннатдорчилик билдирди, бироқ унинг озод этилиши билан боғлиқ ҳуқуқий келишмовчиликлар туфайли атиги олти йилдан сўнг озод этилди.

Сўнгги хабарлар