Ўтган йили 5,35 миллиард долларлик қайта ишланган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорт қилинди – ҚР Қишлоқ хўжалиги вазирлиги

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари
Фото: Pixabay

ASTANА. Кazinform - Ўтган йили Қозоғистондан агросаноат мажмуасининг 5,35 миллиард долларлик қайта ишланган маҳсулотлари экспорт қилинди. Бу ҳақда Сенатнинг Аграр масалалар, табиатдан фойдаланиш ва қишлоқ ҳудудларини ривожлантириш қўмитаси йиғилишида ҚР Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Бағлан Бекбауов маълум қилди.

“Ўтган йили агросаноат мажмуаси соҳасида 275,6 миллиард тенгелик 289 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилиб, 3,8 минг иш ўрни яратилди. Улар орасида чорвачилик маҳсулотларини қайта ишлаш бўйича 103,5 миллиард тенгега 29 та, сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш бўйича 15,3 миллиард тенгега 19 та лойиҳа мавжуд. Жорий йилда 11 та инвестиция лойиҳаси, жумладан, ғаллани чуқур қайта ишлаш бўйича иккита йирик лойиҳани амалга ошириш бошланди”, – деди вазир ўринбосари.

Бағлан Бекбауовнинг сўзларига кўра, 5 йил давомида қайта ишлаш соҳасида умумий қиймати 300 миллиард тенге бўлган 50 дан ортиқ инвестиция лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилган. Бу чуқур қайта ишланган маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмининг ўсишини таъминлаш имконини беради.

“Экспорт салоҳиятини оширишга келсак, 2023 йилда агросаноат мажмуаси маҳсулотлари экспорти 5,35 миллиард АҚШ долларини ташкил этди. Шу билан бирга, агросаноат мажмуаси маҳсулотлари экспортининг умумий ҳажмида қайта ишланган маҳсулотларнинг улуши 42,6 фоизга етди ва 2,28 миллиард АҚШ долларини ташкил этди. 2024 йилда эса 45 фоизга етказилиши режалаштирилган”, — деди у.

Сўнгги хабарлар