Урумчидан велосипедда йўлга чиққан қозоқ қизи Астанага етиб келди
ASTANА. Кazinform - Хитойнинг Уримчи шаҳридан велосипедда йўлга чиққан 20 ёшли Бурлен исмли қозоқ қизи бугун Астанага етиб келди ва саёҳатини якунлади, деб хабар беради Кazinform мухбири.
Бурлен Адилетқмзи – Шинжон аймоғи, Дурбилжин туманидан. Бу йил олий ўқув юртини дастурчи-дизайнер мутахассислиги бўйича тамомлаган.
У Қозоғистон ва Хитой ўртасидаги ҳамкорликни қўллаб-қувватлаш мақсадида саёҳатга чиққан. Қозоқ қизи 2 минг километрдан ортиқ йўл босиб, бугун пойтахтга етиб келди. Олисдан келган Бурленни пойтахт жамоатчилиги кўтаринки руҳда кутиб олди, унга ноз-неъматлар ва қимиз беришди.
“Астанага эсон-омон етиб келганимдан ва сизларни кўрганимдан жуда хурсандман. Яхши тилакларингиз учун катта раҳмат. Мен бу саёҳат ҳақида узоқ вақтдан бери ўйлардим. Таваккал қилишга қарор қилиб, 21 июль куни Урумчидан йўлга чиқдим. Менинг асосий мақсадим – икки давлат ўртасидаги дўстликни ривожлантириш. Бу йил “Бир макон, бир йўл” лойиҳасининг 10 йиллиги нишонланади. Қозоғистон ва Хитой ўртасида визасиз режим ўрнатилганидан буён саёҳатчилар сони ортиб бормоқда. Икки давлат ўртасидаги дўстлик янада мустаҳкамланиб боришини тилайман”, - деди қозоқ қизи.
Унинг сўзларига кўра, куннинг исиши ва йўлдаги тўсиқлар саёҳат вақтида муаммоларга сабаб бўлган.
“Бу менинг велосипедда биринчи саёҳатим. Мен кунига 100-150 километр масофани босиб ўтаман. Куннинг исиши бир қанча муаммоларни келтириб чиқарди. Иситмам кўтарилиб, касал бўлиб қолган кунларим бўлди. Аввалига қалин шинали велосипедда юрардим. Лекин секин юргани учун уни юпқа ғилдиракка алмаштирдим. Йўлда тош, шиша тегиб, ғилдирагим ёрилиб, занжирим узилиб қолган пайтлар бўлди. Мен ҳамма нарсани ўзим тузатдим. Эрталаб соат бешда йўлга чиқиб, кечаси тўхтадим, – деди Бурлен Адилетқизи.
Тадбирга махсус ташриф буюрган “Жаҳон қозоқлари ассоциацияси” Астана шаҳар бўлими раҳбари Ғалим Улкенбайули Бурленни табриклаб, ташаккурнома ва пул сертификатини топширди.