Урумчида Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг рақамли иқтисодиёт бўйича форуми бўлиб ўтади

ASTANA. Kazinform — Хитойнинг Шинжон-Уйғур автоном вилоятининг маъмурий маркази Урумчи шаҳрида 14-16 сентябрь кунлари Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг (ШҲТ) рақамли иқтисодиёт бўйича форуми бўлиб ўтади, деб хабар беради Синьхуа.

ШЫҰ
Фото: Ақорда

Тадбирда ШҲТга аъзо давлатлар ҳукуматлари, таҳлилий марказлари, йирик компаниялари, олий таълим муассасалари ва соҳавий уюшмалари вакилларидан иборат қарийб 500 киши иштирок этади.

Хитой Давлат маълумотлар бошқармаси раҳбари ўринбосари Юй Иннинг айтишича, форум дастуридан вазирлар учрашуви, очилиш маросими, ялпи мажлис, тўртта мавзули қўшимча форум ҳамда бошқа тадбирлар ўрин олган.

Вазирлар рақамли соҳада ҳукуматлараро ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилади. Шунингдек, иштирокчилар ШҲТ давлатларининг 2026-2027 йилларга мўлжалланган рақамли иқтисодиёт соҳасидаги ҳамкорлигининг устувор йўналишлари рўйхатини ишлаб чиқади.

Алоҳида сессияларда рақамли алоқадорлик, электрон тижорат ҳамда транспорт-логистика йўлакларини ривожлантириш масалалари кўриб чиқилади. Шу билан бирга, экспертлар саноатда рақамли ва интеллектуал технологиялардан фойдаланиш, рақамли бошқарув ҳамда рақамли кўникмаларни ривожлантириш мавзуларини муҳокама қиладилар.

Ишбилармонлик дастури интерактив кўргазма ва компания вакилларининг учрашувлари билан бойитилади. Иштирокчилар маҳаллий рақамли лойиҳалар ва корхоналар фаолияти билан танишиш имкониятига эга бўлади.

Сўнгги йилларда рақамли иқтисодиёт йўналиши ШҲТ кун тартибида муҳим ўрин эгаллаб келяпти. 2025 йил сентябрь ойида Тяньцзинь шаҳрида бўлиб ўтган ташкилот саммитида аъзо давлатлар раҳбарлари рақамли иқтисодиётни ривожлантириш тўғрисида баёнот қабул қилган эди.