Уругвайдаги президентлик сайловларида мухолифат номзоди Орси ғалаба қозонди
ASTANA. Kazinform – Уругвайда бўлиб ўтган президентлик сайловларининг иккинчи босқичида мухолифатдаги “Кенг майдон” сўл-марказий коалиция номзоди Яманду Орси ғалаба қозонди, деб ёзади ТАСС.
Буни сайлов участкаларининг 81,26 фоизи маълумотлари қайта ишланиб, Сайлов суди томонидан берилган овозларни санаб чиқиш натижалари далолат беради.
Орси учун 942 470 сайловчи овоз берди. Унинг рақиби, ҳукмрон ўнг марказчи Миллий партиядан номзод Альваро Дельгадо 898 767 нафар овоз олди.
Дельгадо сайловдаги мағлубиятини тан олди ва рақибини табриклади. Уругвайнинг амалдаги президенти Луис Лакалье Поу ҳам Орсини ғалаба билан табриклади.
2015 йилдан 2024 йилгача Канелонес департаменти мэри бўлиб ишлаган Орси Уругвайда сўнгги йилларда кучайган жиноятчиликка ва мамлакат орқали наркотик моддалар савдосига қарши кураш ўзининг устувор йўналишларидан бири деб атамоқда.
Уругвайнинг собиқ президенти Хосе Мухика томонидан қўллаб-қувватланган сиёсатчи, шунингдек, янги иш ўринлари яратиш ва кам таъминланган ишчиларнинг иш ҳақини оширишга ваъда бермоқда.
Ташқи сиёсатда у минтақавий ташкилотлар, жумладан, Жанубий Америка умумий бозори (“Мерcосур”) доирасида интеграция жараёнларини жадаллаштириш зарурлигини биринчи ўринга қўяди.
Уругвайнинг янги сайланган президентининг инаугурацияси 2025 йил 1 мартда бўлиб ўтади.
Эслатиб ўтамиз, Димашнинг қўшиғи илк бор Уругвай радиосида янграгани хабар қилинганди.