Ўн минглаб фаластинликлар Ғазони тарк этди

Ўн минглаб фаластинликлар Ғазони тарк этди
Фото: Anadolu Ajansı

Исроил ҳарбийлари Ғазо жанубига олиб борадиган асосий йўлни очгач, 50 минг фаластинлик Ғазо шаҳри ҳудудини тарк этган, деб хабар беради Kazinform агентлиги BBCга таяниб.

Армия вакилининг айтишича, одамлар шаҳарни тарк этишган, чунки ХАМАС шаҳарнинг шимолий қисмидаги назоратдан маҳрум бўлган. Кеча Исроил Ғазо шаҳрини ўраб олганини ва уни иккига бўлганини айтди.

Бир неча ҳафта давомида Исроил Ғазо шимолидаги аҳолини жанубга эвакуация қилишга чақириб, бу хавфсизроқ эканини айтиб келади, гарчи ХАМАС бугун минтақанинг шимолида ҳам, жанубида ҳам ҳаво ҳужумлари ҳақида хабар берган.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерришнинг айтишича, Ғазо секторида ҳалок бўлган тинч аҳоли сони Исроилнинг ҳарбий амалиётларида нимадир нотўғри эканлигини аниқ кўрсатмоқда, бироқ ХАМАС одамлардан тирик қалқон сифатида фойдаланмоқда.

Айни пайтда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссари Фолькер Турк Яқин Шарқ бўйлаб беш кунлик сафари чоғида Ғазо сектори билан Рафак ўтиш жойининг Миср томонига ташриф буюрганидан сўнг Исроил ва ХАМАСни уруш жиноятларида айблади.

Шу ҳафтада ХАМАС томонидан асирга олинган ва ярми америкаликлар бўлган 12 нафар кишини ҳарбий ҳаракатларда уч кунлик гуманитар пауза эвазига озод этилиши эҳтимоли бўйича музокаралар олиб борилаётгани хабар қилинган эди. Бироқ Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху бу миш-мишларни рад этиб, гаровга олинганлар озод қилинмасдан туриб, ўт очишни тўхтатиб бўлмайди, деди.

“Биз ҳар томондан эшитаётган барча ёлғон миш-мишларга чек қўймоқчиман ва аниқ бир нарсани такрорламоқчиман: гаровга олинганларни озод қилмасдан туриб, сулҳ бўлмайди”, – деди Нетаньяху AFP томонидан эълон қилинган изоҳларда.

7 октябрь куни ХАМАСнинг 1400 кишининг ҳаётига зомин бўлган ва 200 дан ортиқ кишини гаровга олган ҳужумидан сўнг Исроил Ғазо секторини бомбардимон қила бошлади.

ХАМАС бошқараётган Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабарига кўра, Ғазо секторида 10500 дан ортиқ одам ҳалок бўлган, улардан 4300 дан ортиғи болалар.

Сўнгги хабарлар