Ўқувчиларимиз ўтган ўқув йилида халқаро олимпиадаларда 1059 та медаль қўлга киритди — Сулейменова

ASTANA. Kazinform — Қозоғистонлик ўқувчилар ўтган ўқув йилида халқаро олимпиадаларда 1059 та медаль қўлга киритди. Бу ҳақда Ҳукумат мажлисида ҚР Таълим-маориф вазири Жулдуз Сулейменова маълум қилди.

Қозоғистонлик ўқувчилар ўтган ўқув йилида халқаро олимпиадаларда 1059 та медаль қўлга киритди
Фото: ҚР Таълим-маориф вазирилиги

“Бугунги кунда Қозоғистон халқаро олимпиадалар ғолиблари ва уларни тайёрлаган педагогларни давлат даражасида қўллаб-қувватлайдиган саноқли мамлакатлардан бири ҳисобланади. 2022 йилдан бошлаб халқаро интеллектуал мусобақаларда мамлакатимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб келаётган иқтидорли ўқувчилар ва уларнинг устозларини рағбатлантиришнинг тизимли механизми шаклланди. Хусусан, олимпиада ғолибларига медаль даражасига қараб 500 дан 1500 ойлик ҳисоб-китоб кўрсаткичигача бўлган миқдорда бир марталик мукофот тайинланди”, — деди Жулдуз Сулейменова.

Унинг айтишича, 2025-2026 ўқув йилида қозоғистонлик ўқувчилар 44 та халқаро олимпиада ва илмий танловда иштирок этиб, 1059 та медаль ҳамда 57 та махсус мукофотга эга бўлди. Бу 2023 йилга нисбатан мукофотлар сони 96 фоизга ошганини кўрсатади.

“Қозоғистон терма жамоаси робототехника бўйича тўрт карра жаҳон чемпиони, кимё бўйича Халқаро олимпиаданинг уч карра чемпиони бўлди, физика бўйича эса мутлақ чемпионликни қўлга киритди. Бу йилги энг муҳим ютуқлардан бири Колумбияда бўлиб ўтган 56-Халқаро физика олимпиадасидаги тарихий ғалаба бўлди. Қозоғистон терма жамоасининг барча беш нафар иштирокчиси ҳам олтин медални қўлга киритиб, мамлакат тарихида илк бор бундай натижага эришди”, — деди вазир.