Украинада ноқулай об-ҳаво 10 нафар инсоннинг ҳаётига зомин бўлди

Украина
Фото: ЎзА

Украинада об-ҳаво таъсирида 10 киши нобуд бўлди. Жароҳатланган 23 киши орасида болалар ҳам бор. Бу ҳақда ички ишлар вазири Игор Клименко ижтимоий тармоқда маълум қилган, деб хабар беради Kazinform агентлиги ЎзАга таяниб.

Унинг сўзларига кўра, Одесса вилоятида фавқулодда вазиятлар давлат хизмати бўлинмалари 254 марта чақирилган. 2498 фуқарога, жумладан 162 болага ёрдам кўрсатилган. Николаев вилоятида қутқарувчилар 66 қўнғироққа жавоб берган, 144 машинани сувдан тортиб олишган. Йўлнинг айрим қисмларида транспорт ҳаракати қийинлигича қолмоқда.

ИИВ раҳбари сўзларига кўра, Николаев ва Кировоград вилоятларидаги 8 та магистрал йўл тўсиб қўйилган.

Украинанинг 11 вилоятидаги 411 аҳоли манзили электр энергиясидан узилган. Қароргоҳ иқлим оқибатини бартараф этиш учун штат ва минтақавий даражада ишлаяпти.

Aйни пайт Қримда одамлар кучли ёмғир, шамол ортидан бўрон кўтарилишидан огоҳлантирилмоқда.

Ҳудуд гидрометеорология ва атроф-муҳит мониторинги департаменти маълумотида 28 ноябрь оқшомида совуқ тушиб, 29 ноябрь кундузи ёмғир ёғиши, марказий, жанубий ва шарқий ҳудудларда жуда кучли ёғингарчилик бўлиши қайд қилинган.

Қрим раҳбари Сергей Aксенов 10 та муниципалитетда фавқулодда вазият тартиби, яна уч ҳудудда шундай ҳолат таҳдиди жорий этилганини билдирди.

Россия матбуоти ёзишича, жума куни Краснодар ўлкасига ҳам ёмон об-ҳаво кириб келган. Aйрим ҳудудларда бир суткада, деярли, бир ойлик ёғингарчилик миқдори кузатилган. Бўрон туриб, Сочида денгиз сатҳи 6 баллга етган, тўлқин 4 метр баландликка кўтарилган. Сўнгги маълумотга кўра, Кубандаги бўронда дам олувчилардан икки киши ҳалок бўлган, беш киши жароҳатланган.

Сўнгги хабарлар