Twitter Илон Маскни судга берди
Twitter америкалик бизнесмен Илон Маскни Twitterни сотиб олмаслик қарори туфайли судга берди. 12 июл, сешанба куни Twitter вакиллари АҚШнинг Делавер штати судига юборган ҳужжатлардан маълум бўлишича, компания Маскнинг сотиб олиш шартномаси шартларини бажаришини таъминлаш ниятида.
«Маскнинг хатти-ҳаракати унинг ўзи ихтиёрий равишда имзолаган шартнома мажбуриятларидан узоқлашишга интилаётганини ва бу жараёнда Twitterга зарар етказмоқчи эканлигини яққол тасдиқлайди. Twitter айбланувчининг қонунбузарликлари натижасида тузатиб бўлмайдиган даражада зарар кўрди ва бундан кейин ҳам зарар кўради», — дея суд даъвосидан иқтибос келтиради AFP.
Энди суд Маскга сотиб олиш шартномасини бекор қилишга рухсат бериш ёки бермаслигини ҳал қилиши керак. Шартнома шартларига кўра, томонлардан бири ундан воз кечса, бир миллиард долларгача жарима тўлаш кўзда тутилган. Компания суддан тўрт кунлик суд жараёнини сентябр ойининг ўрталарига белгилашни сўрамоқда.
Аввалроқ, 8 июл куни бугунги кунда сайёрамизнинг энг бадавлат одами ҳисобланган Илон Маск Twitter компаниясини сотиб олиш бўйича келишувни бекор қилаётганини маълум қилганди. Бироқ, унинг таъкидлашича, компания «бирлашиш шартномасининг кўплаб қоидаларини жиддий равишда бузган». Хусусан, Маскнинг таъкидлашича, сохта ва спамли Twitter аккаунтларининг ҳақиқий сони ижтимоий тармоқ хабар қилган «беш фоиздан кам» кўрсаткичдан анча юқори.
Фото: gettyimages.com