Туркманистонда Қозоғистон маданияти кунлари бошланди
ASTANA. Kazinform – 7-10 октябрь кунлари Ашхобод шаҳрида бўлиб ўтадиган Қозоғистон Республикасининг Туркманистондаги маданият кунлари доирасида бир қатор тадбирлар ташкил этилади, деб хабар беради ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги матбуот хизмати.
Шу кунларда Ашхобод шаҳри аҳолиси ва меҳмонлари қозоқ кинематографияси, мусиқа санъати, миллий анъаналари билан яқиндан танишишлари мумкин.
Қозоғистон киноси кунларининг очилиши режиссёр А.Сатаевнинг қозоқ хонлари ҳақида ҳикоя қилувчи “Буюк дала тонги” тарихий асари билан бошланади. Бундан ташқари, “Паралимпиячи” фильми ҳам туркман жамоатчилигига таништирилади.
Туркманистон Давлат маданият маркази Мукамов саройида Қурманғази номидаги қозоқ миллий халқ чолғу асбоблари оркестрининг “Сариарқа” гастрол концерти бўлиб ўтади.
“Туркманистон” киноконцерт залида Роза Бағланова номидаги “Қазақконцерт” давлат академик концерт ташкилотининг “Saz&Soul: чексиз оҳанглар” гастрол концерти ташкил этилади.
Асосий тадбир 9 октябрь куни соат 19:00 да Туркманистон Давлат маданият маркази Мукамов саройида ўтказилиши режалаштирилган. Шу куни икки давлат вазирлари иштирокида Туркманистонда Қозоғистон Республикаси маданият кунларининг ёпилиш маросими доирасида қозоғистонлик санъат усталари иштирокида Гала-концерт бўлиб ўтади. Ушбу концертда Қозоғистон халқ артисти Рамазан Стамғазиев, Қозоғистонда хизмат кўрсатган ходим Алишер Каримов, “Дарин” ёшлар давлат мукофоти лауреатлари: Расул Жармағамбетов, Абилай Тилепберген, Танат Саденов ва бошқалар иштирок этади.
10 октябрь куни Ашхободдаги “Лочин” боғида буюк шоир Абай Қунанбоев ҳайкали очилиши маросими бўлиб ўтади.
Тадбирда маҳаллий зиёлилар, олимлар, ёзувчилар, дипломатик корпус, ижодий уюшмалар, қозоқ диаспораси вакиллари иштирок этади.
Эслатиб ўтамиз, Қозоғистон Республикаси Маданият ва ахборот вазирлиги ҳамда Туркманистон Маданият вазирлиги ҳамкорлигида 2024-йил июн ойида Остона шаҳрида Туркманистоннинг Қозоғистон Республикасидаги маданият кунлари бўлиб ўтган эди.