Туркманистон, Тожикистон, Қирғизистон фуқаролари Германияда теракт содир этишга уринган

Германия ва Нидерландияда Марказий Осиё давлатларидан келган 9 нафар муҳожир террорчиликка алоқадорликда айбланиб ҳибсга олинган. Тергов маълумотларига кўра, улар Германияда ҳужумлар уюштирган ва «Исломий давлат» террорчилик гуруҳи фаолияти учун пул йиғишган. Маълумотларга кўра, гумонланувчилар Афғонистон ва қўшни давлатларда жойлашган исломчилар билан алоқада бўлган.
Шимолий Рейн-Вестфалия ички ишлар вазири Герберт Роулнинг айтишича, Туркманистон, Қирғизистон ва Тожикистоннинг 20 ёшдан 46 ёшгача бўлган фуқаролари қўлга олинган. Терговчиларнинг сўзларига кўра, улар аллақачон кураторлардан ҳужум ҳақида кўрсатма олган ва тайёргарликни бошлаган, бироқ аниқ тафсилотлар ҳали ишлаб чиқилмаган. Прокуратура мавжуд маълумотлар жиноий гуруҳ аъзоларини ҳибсга олиш учун етарли деб ҳисоблади.