Туркияликлар TURKOVAC вакцинаси билан эмлана бошладилар

Мамлакатнинг энг йирик шифохоналарида эмлаш кампанияси олиб борилмоқда. Туркия коронавирусга қарши вакцина ишлаб чиқарган тўққизинчи давлат бўлди, дея хабар беради Kazinform Туркиянинг Аnadoly агентлигига таяниб.
Туркия Соғлиқни сақлаш вазири Фаҳреттин Коджа Туркиянинг ТURKOVAC вакцинаси билан CОVID-19 вирусига қарши учинчи (бустер) доза сифатида эмланди.
Вазир Анқара шаҳар касалхонасида Коронавирусга қарши кураш бўйича илмий кенгаш виртуал йиғилишидан сўнг ревакцинациядан ўтказилди.
«Мамлакатимиз фуқароларига ТURKOVAC билан эмлашни ва вакцина билан қайта эмлашни маслаҳат бераман», - деди у журналистларга.
Коджанинг айтишича, Туркияда маҳаллий вакцинани шаҳар шифохоналаридан олиш мумкин. Вазир, шунингдек, сўнгги кунларда мамлакатда коронавирус билан касалланганлар сони ортиб бораётганини таъкидлади.
Унинг сўзларига кўра, қишда одамлар кўп вақтини ёпиқ жойларда ўтказадилар. Вирусли инфекциялар кўпайишининг яна бир сабабини у «омикрон» штаммининг тез тарқалиши билан боғлади.
Шу билан бирга, Коджа касалхонага ётқизилганлар сони кўпаймаганини айтди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбари фуқароларни кўп вақтларини ёпиқ жойларда ўтказмаслик ва эҳтиёт чораларига риоя қилиш, жумладан, ниқоб тақиш ҳақида огоҳлантирди.
Euronews хабарига кўра, Туркия Соғлиқни сақлаш вазири бустер вакцина сифатида ТURKOVAC вакцинасини танлаган. Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон вакцинани бошқа мамлакатларда ҳам фойдаланиш имкониятини яратишга ваъда берган эди.