Туркияда зилзиладан 248 соат ўтгач, 17 ёшли қиз қутқарилди

Табиий офат ҳудудида қидирув-қутқарув ишлари 11-кундирки давом этмоқда.
Алейна Ўлмез исмли қиз Қаҳраманмараш шаҳрининг Каябаши маҳалласида турар-жой биноси вайроналари остидан қутқариб олинди. Биринчи тиббий ёрдамдан кейин шифокорлар уни касалхонага юборишди.
Қизни қутқаришда қатнашган Сакарялик қутқарувчилардан бири Ҳажер Атлас Аnadoly билан суҳбатда гуруҳ аъзолари узоқ ва машаққатли меҳнатдан сўнг Алейнага етиб бора олишганини айтди.
«Биз қиз билан доимо алоқада бўлиб турдик. Аввалига улар унинг қўлидан ушлаб, кейин уни бутунлай қутқаришга муваффақ бўлишди. У яхши, мулоқот қила олади. Умид қиламанки, фалокат ҳудудидан бундай хушхабар келаверади», - дейди Атлас.
Алейнанинг қариндоши Бунямин Ҳажибебекўғли Туркия ҳукумати ва бутун турк халқига миннатдорчилик билдирди.
«Аллоҳга ҳамдлар бўлсин! Ўз ишини қилаётган барчага раҳмат. Қизимиз ҳозир биз билан», - дейди у.
Яна бир қутқарувчи Меҳмет Дурак зилзиладан кейин тўртинчи куни Қаҳрамамарашга етиб келганини айтди.
«Мен нима дейишни билмайман. Мен одамларни қутқариш ва керак бўлса, жонимни бериш учун келдим. Қиз қутқарилди. Бу хурсандчилик ва бунинг ўзи кифоя», - деди у.
Ўчоғи Туркия жануби-шарқида бўлган даҳшатли зилзила қурбонлари сони 36,1 минг кишидан ошди.
6 феврал куни ўчоғи Қаҳраманмарашда 7 баллдан юқори бўлган икки зилзила содир бўлди. Зилзила ортидан юзлаб ер ости силкинишлари содир бўлди. Зилзила қўшни давлатлар, жумладан Сурияда ҳам сезилган.
Президент Режеп Таййип Эрдоған Туркияда табиий офат қурбонлари муносабати билан етти кунлик миллий мотам эълон қилди.
Фото: Anadoly агентлиги