Туркияда XX қишки Сурдлимпиада ўйинлари бошланди
ALMATY. Кazinform — Туркиянинг Эрзурум шаҳрида XX қишки Сурдлимпиада ўйинлари бошланди. Мусобақаларда 36 давлатдан 1000 нафарга яқин спортчи иштирок этади.

Мусобақада тоғ чанғиси, сноуборд, чанғи пойгаси, шахмат, футзал ва кёрлинг каби спорт турлари бўйича 34 та медаллар жамланмаси ўйналади.
Ушбу қишки ўйинларда Қозоғистондан шахмат, сноуборд ва чанғи пойгаси бўйича 26 нафар спортчи иштирок этади.

“Бу йил Қозоғистон Республикаси Қишки Сурдлимпиада ўйинларида учинчи бор иштирок этмоқда. Мусобақа олдидан спортчиларимиз Шчучинск ва Алмати вилоятида ўқув-машғулот йиғинларидан ўтиб, қишки ўйинларга пухта тайёргарлик билан боришди. Терма жамоа учун дастлабки мусобақа эртага блиц шахмат ва чанғи пойгаси бўйича бошланади. Ўйлайманки, спортчиларимиз ушбу мусобақада яхши натижа кўрсатиб, юртимиз саватчасига Сурдлимпиада медалини қўшиб қўйишади”, – дейди Жисмоний имконияти чекланган шахслар учун спорт машғулотлари маркази директори ўринбосари Умирзақов Адилхан Болатханули.
Сурдлимпиада ўйинларининг очилиш маросимида мамлакат байроғини шахмат бўйича жаҳон чемпионати бронза медали совриндори Султан Қожахметов кўтариб чиқди.

“Бу менинг биринчи Сурдлимпиада ўйинларим. Бундай йирик мусобақада Ватанимиз байроғини кўтариб чиқиш мен учун шарафдир. Менга ишонч билдирган Спорт қўмитаси, жисмоний имконияти чекланганлар учун спорт машғулотлари маркази, Миллий Сурдолимпиада қўмитаси ва барча қозоғистонликларга ўз миннатдорчилигимни сўзда эмас, амалда исботлашга ҳаракат қиламан”, – деди Султан Қожахметов.
Шуни таъкидлаш керакки, Сурдлимпиада ўйинларида эшитиш қобилияти паст спортчилар иштирок этадилар. Мусобақа олдидан спортчилар аудиограмма топширишлари ва талабларга жавоб беришларини исботлашлари керак.

Қишки ўйинлар 12 мартга қадар давом этади.