Туркияда кеча содир бўлган зилзила оқибатида 300 га яқин киши жабрланди
Бу ҳақда мамлакат соғлиқни сақлаш вазири Фаҳреттин Хўжа маълум қилди.
«Бугун кечқурун Ҳатайда содир бўлган икки зилзила натижасида 294 киши жароҳат олди. Афсуски, 18 нафар беморнинг аҳволи оғир. Биринчи ёрдам кўрсатилгач, улар Адана ва Дертиол шаҳарларига олиб кетилди. Барча туманларимиздаги дала шифохоналари беморларимизга муносиб хизмат кўрсатишда давом этмоқда», - деб ёзди вазир Twitter саҳифасида.
Бундан олдин душанба куни Ҳатай шаҳрининг Дефне туманида 6,4 магнитудали зилзила қайд этилган эди. Кейинроқ яна 5,8 магнитудали зилзила юз берди.
Яқинда рўй берган зилзила оқибатида 3 киши ҳалок бўлди, 213 киши жароҳат олди.
Туркиянинг Ҳатай вилоятининг Дефне туманида содир бўлган икки зилзиладан сўнг Антакия ва Искандерун шаҳарлари орасидаги йўл бузилди.
Бу ерда шикастланган бинолар ҳам борлиги айтилмоқда.
Умуман, жорий йилнинг феврал ойида Туркиянинг 10 та ҳудудида содир бўлган зилзила оқибатида 41 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлди.