Туркияда 5G абонентлари сони 44,5 миллионга етди
ASTANA. Kazinform — Туркияда 5G тармоғидан фойдаланувчилар сони тўрт ой ичида мамлакат аҳолисининг ярмидан ошди. Бу ҳақда агентликнинг Анқарадаги мухбири хабар беради.
Туркияда 5G тармоғига уланган абонентлар сони тўрт ой ичида 44,5 миллионга етди. Бу ҳақда мамлакат транспорт ва инфратузилма вазири Абдулқодир Уралоғлу маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, Туркияда мобиль 5G тармоғидан тижорат мақсадида фойдаланиш 1 апрель куни бошланган. Янги технологияга биринчи куннинг ўзида тахминан 21 миллион фойдаланувчи уланган. Ҳозирги вақтда уларнинг сони икки баравардан ҳам кўпроқ ошган.
Вазирнинг маълум қилишича, бугунги кунда мамлакат аҳолисининг ярмидан кўпи 5G хизматидан фойдаланади. Яъни амалда ҳар иккинчи фуқаро янги авлод тармоғининг абоненти ҳисобланади.
Уралоғлу таъкидлашича, 5G технологиясининг ривожланиши Туркиянинг рақамли трансформациясидаги муҳим босқич бўлади. Унинг айтишича, янги технология автоном транспортни жорий этиш, «ақлли шаҳарлар»ни ривожлантириш, саноат корхоналарини автоматлаштириш, шунингдек, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги ва иқтисодиётнинг бошқа соҳаларидаги тизимлар самарадорлигини ошириш имконини беради.
Эслатиб ўтамиз, бундан аввал Туркияда 1 апрелдан бошлаб 5G тармоғи тижорат мақсадида фойдаланишга топширилиши ҳақида хабар берилган эди.