Туркиянинг жануби-шарқида тартибсизликлар бошланди
ANKARA. Kazinform - Туркиянинг Ван шаҳрида мухолифат номзодининг сайловдаги ғалабаси бекор қилиниши натижасида норозилик намойишлари бошланди ва улар Туркиянинг бир қатор жануби-шарқий провинцияларида тартибсизликларга айланиб кетди, деб хабар беради Каzinform мухбири.

Туркия Адлия вазирлиги курдлар тарафдори Тенглик ва демократия партиясидан (DEM) мэрликка номзод Абдуллоҳ Зейданнинг сайлаш ва сайланиш ҳуқуқини бекор қилиб, муниципалитет раҳбари лавозимини эгаллаш имкониятини ҳукмрон Адолат ва тараққиёт партиясидан номзод Абдуллаҳат Арвасга топширди.
Шундан сўнг А.Зейдан тарафдорлари уни қўллаб-қувватлаш учун митингларга чиқди. Ван вилоятида норозилик намойишлари бошланиб, бир неча соат ичида тартибсизликларга айланиб кетди.
Кейинчалик мамлакатнинг жануби-шарқидаги Хаккари, Диёрбакир, Ботман, Адана ва бошқа провинцияларда ҳам аҳоли Туркия Адлия вазирлиги қароридан норозилигини билдира бошлади.
Ван провинцияси мэри лавозимига номзод А.Зейдан 31 март куни бўлиб ўтган сайловларда 50,48 фоиз овоз билан ғалаба қозонган бўлса, унинг ҳукмрон партиядан бўлган рақиби А.Арвасни сайловчиларнинг 27,15 фоизини қўллаб-қувватлади.
А.Зейдан ғалабасининг бекор қилинишига курд сиёсатчисининг илгари судланганлиги асос бўлган. 2016 йилда у террорчилик ташкилотларига ёрдам беришда айбланиб ҳибсга олинган эди. Кейинчалик у саккиз йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди. 2022 йилда у шартли равишда озод қилинди.

Шаҳар кўчаларида DEM партияси тарафдорлари томонидан уюштирилган оммавий тартибсизликлар ҳамон давом этмоқда. Фуқаролар ва полиция ўртасида тўқнашувлар юз бермоқда. Ички ишлар вазирлигининг махсус бўлинмалари намойишчиларни тарқатиш учун сув пуркагичлар ва кўздан ёш оқизувчи газдан фойдаланмоқда. Жануби-шарқий провинциялар кўчаларида пулемёт овози эшитилади.
Вазиятнинг кескинлашуви сабабли, фаол чоралар доирасида мамлакат ҳукумати норозилик намойишларида иштирок этиши мумкин бўлган шахсларнинг Ван провинциясига кириш ва чиқишларини тақиқлади.
Норозилик оқибатида ҳалок бўлганлар ёки жароҳатланганлар ҳақида маълумот йўқ.
31 март куни Туркияда республика фуқаролари шаҳар мэрлари ва муниципалитетлар раҳбарларини сайлади.


Муаллиф: Ақжигит Чукубаев