Туркия шарқида 5,3 магнитудали зилзила содир бўлди

AFAD маълумотларига кўра, зилзила жума куни соат 20:48 да қайд этилган. Зилзила эпицентри Малатя провинциясининг Яшилюрт туманида жойлашган. Ўчоқ 7 км чуқурликда жойлашган.
Агентлик маълумотларига кўра, зилзила Малатя, шунингдек, Қаҳраманмараш, Адияман, Шанлиурфа ва Газиантеп шаҳарларида ҳам сезилган. Кўплаб шаҳар аҳолиси ер силкинишини сезиб, дарҳол кўчага чиқди.
«Гуруҳларимиз далада тадқиқотлар олиб бормоқда. Айни пайтда Батталгази туманидаги 1 та ташландиқ бино вайрон бўлган. Кўчани кесиб ўтаётган бола оёғини синдириб, касалхонага етказилган. Бир неча киши балкондан сакраган», — деди Малатя провинцияси раҳбари Эрсин Язиджи.
Эслатиб ўтамиз, 6-февраль куни Туркияда 7,7 магнитудали вайронкор зилзила содир бўлган эди. Зилзила эпицентри Қаҳраманмараш провинциясининг Пазарджик туманида бўлиб, 7 километр чуқурликда бўлган. Зилзила туфайли Ҳатай, Газиантеп, Килис, Усмония, Малатя, Адияман, Шанлиурфа, Диёрбекир, Адана ва Қаҳраманмараш провинцияларида кўплаб бинолар вайрон бўлди.
Туркия жануби-шарқидаги зилзила қурбонлари сони 50 минг кишидан ошди.
Мамлакатнинг 11 провинциясида, шунингдек, қўшни давлатлар, жумладан, Сурияда юзлаб ер ости силкинишлари кузатилган.