Туркия президенти Путинга ҳамдардлик билдирди
ASTANА. Кazinform - Туркия президенти Режеп Таййип Эрдоған россиялик ҳамкасби Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилди.

Суҳбат чоғида Туркия раҳбари Россия Федерацияси президентига ҳамдардлик билдирди, деб хабар беради Каzinform мухбири Туркия президенти девонига таяниб.
Режеп Таййип Эрдоған Доғистондаги террорчилик ҳаракати туфайли инсонларнинг ҳалок бўлгани муносабати билан Владимир Путинга ҳамдардлик билдирди.
Туркия президенти ҳужумда жароҳатланганларнинг тезроқ соғайиб кетишини тилади ва терактни кескин қоралади.
Унинг қайд этишича, Анқара дунёда терроризмнинг ҳар қандай кўринишига қарши. Айни пайтда Туркия минтақадаги барча тўқнашувларни тўхтатиш учун ҳаракат қилади.
Эслатиб ўтамиз, 24 июнь куни номаълум шахслар Доғистондаги православ черкови ва синагогага ҳужум қилган эди.
Оқибатда 15 нафар полициячи ва 4 нафар фуқаро ҳалок бўлган. Улар орасида черков ходими ҳам бор.
Республикада 24, 25 ва 26 июнь Мотам куни деб эълон қилинди.
Фожиали ҳодиса муносабати билан Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев Россия президенти Владимир Путинга ҳамдардлик билдирди.