Туркия президенти фавқулодда йиғилиш ўтказди
ASTANА. Кazinform - Туркияда муниципал сайловлар бўлиб ўтди. Бу сафар сайловолди ташвиқотлари мамлакатдаги барқарор вазиятни сезиларли даражада издан чиқарди. Туркиянинг ички сиёсати яна нотинч.

Бундан олдин парламентда сўзга чиққан Миллатчи Ҳаракат партияси раҳбари Девлет Бахчели жиноий гуруҳларнинг айрим вакиллари ва собиқ ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари мамлакатда инқилоб уюштиришни режалаштираётганини айтди.
Шу муносабат билан 14 майдан 15 майга ўтар кечаси Туркия президенти Режеп Таййип Эрдоған мамлакат Миллий разведка ташкилоти раҳбари Иброҳим Калин ва адлия вазири Йилмаз Тунc иштирокида фавқулодда йиғилиш ўтказди.
Туркиянинг турли нашрларида ёзилишича, 9 май куни Анқара полиция департаментининг 4 нафар юқори мартабали ходими сиёсий суиқасдда гумонланиб ҳибсга олинган. Улар наркотик моддалар савдоси, қурол-яроғ савдоси, чегарани ноқонуний кесиб ўтиш ва бошқа турли жиноятлар билан шуғулланувчи уюшган жиноий гуруҳларга алоқадор. 13 май куни гумонланувчиларнинг яшаш жойи тинтув қилиниб, айрим рақамли материаллар мусодара қилинган.
Туркия Ички ишлар вазирлиги раҳбари Али Ерликая ҳар қандай фитна ва бандитизм кўринишига қарши тегишли чоралар кўрилишини айтиб, баъзи маҳаллий оммавий ахборот воситаларининг мамлакатда режаланган давлат тўнтариши ҳақидаги шов-шувли сарлавҳаларига эътибор қаратди.
“Террор ташкилотлари ва уюшган жиноий гуруҳлар билан ҳамкорлик қилганларга қарши зарур чораларни кўрамиз. Ижтимоий тармоқлардан фойдаланиб, “ўйин ўйнаш”га уринаётганларга жамиятда низо яратишга йўл қўймаймиз. Бундай кўринишларга чек қўйилади”, — деди А.Ерликая.