Туркия Қозоғистонда ўсимликлар генетик банкини яратишга ёрдам беради

Эслатиб ўтамиз, 2022 йил 10 ноябр куни Чимкент шаҳрида Қозоғистон ва Туркия ўртасида уруғчилик соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги битим имзоланган эди. Қозоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Абулхайр Тамабек бошчилигидаги Қозоғистон делегацияси мазкур келишувни янада илгари силжитиш учун Анқарага келди.
Шу муносабат билан ҳамкорликда илмий тадқиқотлар олиб бориш масалалари муҳокама қилиниб, қишлоқ хўжалиги ўсимликлари уруғини етиштириш жараёнларини йўлга қўйиш ва сертификатлаштириш хизматларини ташкил этиш юзасидан тажриба алмашиш бўйича келишувга эришилди.
Шу билан бирга, Абулхайр Тамабек Туркия Республикаси «TSUAB» Уруғчилар уюшмаси, «ТМО» Дон бирлашмаси ва уруғчиликни касаллик ва зараркунандаларга қарши таҳлил қилиш бўйича катта тажрибага эга «ТUAB» уруғлик сертификатлаш хизмати идораларида бўлди.
Бундан ташқари, Қозоғистон делегацияси Туркия Республикаси Миллий генетик уруғлик банкига ташриф буюрди. Учрашув давомида Қозоғистонда ана шундай генетик банкни ташкил этиш бўйича маслаҳат ёрдами кўрсатиш бўйича келишувга эришилди.
Келгусида уруғчилик бўйича халқаро бизнес-форум ўтказиладиган майдонда икки томонлама учрашувлар доирасида бу борадаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилиниши режалаштирилган.
Фото: gov.kz
Муаллиф: Руслан Ғаббасов