Туркия Қора денгиздаги янги газ конларини ўзлаштиришга 10 млрд доллар сарфлайди

Зонгулдак вилоятида ва «Сакарья» газ конида табиий газ қазиб олиш мамлакат хомашё секторини қўллаб-қувватлаш давлат лойиҳасига киритилди. Ушбу қарорга кўра, 2021 йил 1 январдан бошланган инвестицияларни қўллаб-қувватлаш яна 11 йил давом этади. Бу соҳага йўналтирилган молиявий ресурсларга барча турдаги солиқ ва божхона имтиёзлари берилади.
Инвестиция дастури натижасида Туркиянинг энергетика сектори йилига тахминан 14 миллиард куб метр табиий газ ишлаб чиқара олиши тахмин қилинмоқда. Бу мамлакат фуқаролари учун 1000дан ортиқ иш ўрни яратиш имконини беради.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркия президенти Режеп Таййип Эрдоған Қора денгизда катта табиий газ захиралари топилгани ҳақида маълум қилган эди. 2023 йилга келиб, расмийлар ички бозорга етказиб беришни бошлашни кутмоқда. Айни пайтда Туркия раҳбари «Сакарья» конидаги Дунай-1 участкасида тасдиқланган газ захиралари ҳажми қарийб 405 миллиард куб метрни ташкил этишини маълум қилди.